Jump to content

Тараққиёт

From Vikipediya

Тараққиёт — ривожланишнинг оддийдан мураккабга, қуйидан юқорига йўналган шакли, унинг юксалиши. Адабиётларда тараққиётни кўпинча ривожланиш билан айнанлаштириб кўйишади, аслида у ривожланиш фалсафасининг бир йўналишидир. Шунингдек, тараққиётни айрим адабиётларда фақат жамиятдаги ижтимоий ривожланиш маъносида қўллашади, бу ҳам бир ёқлама ёндашувдир. Тараққиёт фалсафий адабиётларда прогрессив ривожланиш тарзида қўлланади. Одатда ривожланишнинг 2 муҳим йўналиши бўлиб, бири тараққиёт (прогрессив ривожланиш), иккинчиси инқироз (регрессив ривожланиш) ҳисобланади. Тараққиётни фақатгина жамиятга қўллашнинг хато жиҳати шундаки, жамиятдан ташқаридаги системаларда ҳам юксалиш рўй беради. Масалан, муайян тирик организмларнинг тараққиёти, бемордаги касалликнинг тараққиёти, кимёвий жараённинг тараққиёти ва бошқалар. Тараққиёт нисбийдир. Ривожланиш бир система учун тараққиёт, бошқа система учун регресс бўлиши мумкин. Масалан, касалликнинг ривожланиши, касалликни вужудга келтирувчи вируслар учун тараққиёт бўлса, бемор организми учун инқироз (регресс) дир. Ҳар қандай система ўзининг ривожланиши мобайнида тараққиётни ҳам, инқирозни ҳам бошидан кечиради. Системанинг равнақ топиши тараққиётни англаца, унинг емирилиши эса инқирозни англатади. Тараққиёт жонсиз, анорганик табиатга ҳам, жонли, органик табиатга ҳам, жамиятга, инсон тафаккурига, руҳиятига ҳам хос бўлган табиий ва зарурий жараёндир. Тараққиёт микро, макро, мегадунёда ҳам содир бўлади. Тараққиёт туфайли оламда мукаммаллашиш, юксалиш рўй беради, у вужудга келиш, мураккаблашиш, улғайиш, янгиланиш, тикланиш, система ясалиш жараёнлари тарзида амалга ошади. Тараққиёт яхлит жараёндир.